Кун нафаси

«Асакабанк» учун «мижоз доим ҳақ»ми ё капток?

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан айтилган “Одамлар нима учун норози? Ўзи шулар ишламагани учун норози,.. 200 та одам нима қиляпди? ҳеч нима қилмайди”, деган жумлаларининг бари банклар ва банкирларга тегишлидир. Бундан бошқа қаттиқроқ гаплар ҳам бору, лекин шу жумлаларни ўзи бутун банк тизимини ҳақиқий қиёфасини очиб берувчи калит вазифасини ўтайди. Бу сўзларни қачонки, инсон ўз бошидан кечирса, ўз танасида ҳис этса кўпроқ тушиниб етади. Ўша бошидан ўтирган инсонлардан бири сифатида мен ҳам банк тизимидаги баъзи тушунмовчилик, чалкашликлар ҳақида ўртоқлашмоқчиман.

Тошкентда бошдан кечирганларим.

Мен Тошкент шаҳрида хизмат сафари билан юрганимда ўзимнинг пластик карточкамни йўқотиб қўйдим. Мен ахборот-коммуникация технологияларидан яхши хабардорлигим боис, payme тўлов тизимининг пластик карточкани “музлатиш” усулидан фойдаланиб, банкдаги ҳисобимда жойлашган пулни музлатдим.
Мен «асакабанк»нинг расмий сайтида жойлашган +998712005522 рақамига қўнғироқ қилганимда, пластик карточкани фақат уни расмийлаштирган банкдан олишим мумкинлигини айтишди. Хоразм филиалидаги +998622281481 рақамига қўнғироқ қилганимда ҳам шундай дейишди. Лекин, мен бу гапларга ишонгим келмади, ваҳоланки, шахобчаларни ташкил этишдан мақсад, мижозга яқин жойдан туриб хизмат қилишдан иборат, деб ўйлар эдим. 2-куни яна +998712005522 рақамига қўнғироқ қилганимда, яна шу гап такрорланди. Кейин мен секин асталик билан, тушунтиришга ўтдим: “Агар, мен Хоразмга бормоқчи бўлсам сизларга айтиб нима қиламан? Қани бу ерда мантиқ” деб жаҳлим чиқиб гапирганимдан сўнг оператор қиз ўзига келиб вазиятни тўғирлашга уринди. “Йўли бор, ишончнома ёзиб натариал идорадан тасдиқлатиб, сўнгра пластик карточка билан бирга бир танишдан бериб юборасиз”. Ана халос, нима қилсам бўларкан, деб бошим қотиб турганди, мана оптимал ечим. Кейин, баттар тутоқиб кетдим: “Опажон мен икки кундан бери пластикимни йўқотганим ҳақида айтяпман, қандай қилиб йўқ нарсани бировга бериб юбораман?”. Оператор жавоб берди: “Пластикингиз йўқолганми ҳали? Муддати тугамаганми?” Ана халос, ҳаммадан ҳам тезкор ишлаши керак бўлган банк оператори мижознинг муаммосини тушуниб олиш учун роппа-роса 2 кун керак бўлди. Бу муддат ичида агар, мижоз ўз пластикини блоклашга қодир бўлмаган одам бўлса ва бу пластик уни паролини биладиган одам қўлига тушса ичидаги пуллар аллақачон ҳавога совурилган бўларди. Оператор мижозга энди маслаҳат беришга ошиқди, тўғрироғи ўзим ёзган китобни яна қайта ўзимга ўқиб беришни бошлади: “Сиз дарҳол банк филиалига келиб, ариза ёзишингиз керак. Банк томонидан сизнинг ҳисобингиз музлатилиши лозим. Сўнгра, 5 евро (тахминан сўмда 22 минг сўм) тўлаб, янги пластик карточка оласиз”. Суҳбат шу ерда узилди, мен ўзимда йўқ хурсандман, мен музлатилиши кераклигини, 5 евро жарима тўлашим лозимлигини биламан, аммо, Асакабанк Хоразм филиалига тегишли пластик карточкасини бу ердаги филиаллар, борингки, бош офис қайта тиклай оладими?, йўқми? деган савол мени қийнаётган эди. Операторнинг бу гапидан кейин банкка боришга ҳозирлик кўрдим. Турар жойим ёнидаги Асакабанкнинг филиалидан бош офисни сўрадим. Банк бош офисини “Миробод” бозори ёнида эканини айтишди. “Миробод” бозори олдидаги “Асакабанк” деб ёзилган кўп қаватли бинога бордим. Мени кутиб олган қўриқлаш ходими, бу ерда банк йўқлигини, иқтисодиёт вазирлигига айланганини айтди. Мени, “Mir Hotel” меҳмонхонаси ортидаги банкка жўнатди, шу ердагилар бу иш билан шуғулланишини тушинтирди. Мен, шу филиалга йўл олдим. Мени кутиб олган банк ходими, бюджетдан маош оладиган фуқаролар билан бу банк эмас, балки, Миробод тумани, Нукус кўчасида жойлашган, яккасарой тўйхонаси биқинидаги Асакабанк филиали шуғулланишини айтишди. Хуллас, навбатдаги банк – бош офис эканига аниқлик киритдим. Банкка бориб, пластик картамни қайта тиклаш лозимлигини айтдим, аёл мендан ойлик маоши оладиган ташкилотингизни айтинг деди, ташкилот номини айтдим.
Қидириб топа олмади ва деди: Кечирасиз бундай ташкилот бизнинг базамизда йўқ, сиз ҳисобчингиздан сўранг, қайси банк мижози экансизлар. Сўнгра, аста шивирлай бошладим: Аслида биз Хоразм филиалидамиз. Аёл бир қараб қўйдида, кечирасиз буни иложи йўқ банкни ўзига борасиз деди. Устимдан муздай сув қуйгандай бўлди.
Ана халос, пластик карточкамни қайта тиклаш учун мурожаат қилишга яна 1 кун вақтим кеттию, аммо ишим барибир битмади.
Бу ердаги тескари мантиқ шундай: мен мижоз сифатида пулимни банкка ишониб топшириб қўйибман, банк менга Республиканинг барча жойида хизмат қилиш учун шаҳобчаларини очган, агар мени ортиқча пулим бўлса бу ердаги банкка ялинмасдан Хоразмга бориб келардим, агар мен бориб келишга мажбур бўлсам шаҳобча нимага керак? Бир банк шаҳобчалари бири бирисини танимаслиги бу жуда ҳам ғалати. Қисқаси, мен тушуна олмайдиган жиҳат шуки, мижоз шахсий пули банкда бўла туриб уни исталган ўша номдаги яқин шахобчасидан туриб бошқара олмаса, чўнтагида бир сўм пули қолмай турганда, уни 10 млн.дан зиёд пулини кафилликка олган банк бошқа пластикка ўтириб бера олмаса, қолаверса компьютер технологияси ривожланган шундай бир даврда буни иложсиз экани одамни шубҳага бошлайди. Мен пулимни қайтаришни талаб қилмаяпман, пластикимни янги пластикка алмаштиришни сўраябман халос. Одамга алам қилар экан, банкда шунча пулинг бўла туриб узоқ юртда гадойдек бўлиб қолсанг, банкнинг филиаллари эса сенга алламбало ички қонунларни рўкач қилиб кўрсатса. Аслида, банк мижоз билан тирикдир, агар, мижоз банкка аъзо бўлмаса банк ўз фаолиятини тўхтатади. Аслида, мижоз юқори сифатли хизмат кўрсатадиган, мижозни ҳар ерда, ҳар вақтда қўллаб қувватлайдиган банкнинг мижози бўлишга ҳақли. Аммо, банклар фаолиятида тамомила тескари, банк мижозга эмас, мижоз банкка хизмат қилиши керак. Мижоз банк томонидан ташкил қилинган қонунларга бўй сунишга мажбур.
Буни исботлайдиган жиҳатлар жуда ва жуда кўп масалан, пластикдан пластикка пул ўтказмаларида пул ўтказаётган мижоздан 1 % ушлаб қолинади (ҳамма пул ўтказиш хизматларида шунақа). Банк сенинг миллион миллион пулларингни айлантириб фойда кўради, сенга бир сўм нақд бермайди. Пластикни қайта тиклашда, пластикдан пластикка пул ўтказишда ва бошқа ҳолларда пулни сендан олади. Ўртага табиий савол қўяман: Хўш пулни пластик карточкада туришидан ким кўпроқ манфаатдор, банк ёки мижоз? Албатта, банк, менга ўзимга зарур нарсаларни пластик карточкадан қиммат баҳога сотиб олишга зарурчилик жойим йўқ, қолаверса, уни 10-20% атрофида нақдлаштириш ҳам менга зарур эмас. Шундай экан, ҳар вилоятда қанчадан қанча филиаллари бўла туриб, қанчадан қанча ходим фаолият юрита туриб ҳамма харажатларни бечора мижоз зиммасига юклаш адолатданми? Ёки маданиятли қилиб айтганда, мижоз қанчадан қанча текинхўр банк ходимларини боқиш мажбуриятини зиммасига олганми? Хулоса қилиб шуни айтмоқчиманки, ёки банк ва уни филиалларини мижозга исталган жойда исталган вақтда ҳеч бўлмаганда пластик карточкага кўрсатиладиган хизматларни яхшилаш лозим, ёки давлат бюджетини еб миллион миллионлаб маош олаётган ва ҳеч нарса қилмаётган бу филиаллар сонини қисқартириш ёки тамомила ёпиш лозим, ёки филал деган номни олиб ташлаш даркор. Ваҳоланки, улар шу ҳолатда ҳам филиаллик вазифасини бажармаяпди, Президент тили билан айтган “Ҳеч бало қилаётгани йўқ”.

Ойбек Алиев

(хат таҳрирсиз эълон қилинди)

Манба: fayzbog.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

1 Comment on "«Асакабанк» учун «мижоз доим ҳақ»ми ё капток?"

Notify of
avatar
Sort by:   newest | oldest | most voted
Oybek Aliyev
Guest

Mening boshdan kechirganlarim hammaning ich-ichidan