Ҳажвиялар

“Уйингизда чироқ ўчса ҳам тўйингизда чироқ ўчмасин”

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Қаҳратон қиш кечалари уйимизда чироқ бўлмасди. Шунда укаларим билан ярим тунгача шам ёруғида бармоқларимиз билан турли хил ҳайвонларнинг шаклини деворда акс эттирардик. Свет бўлган оқшомлари эса ўша ўйинларни қўмсаб, тез-тез чироқ ўчишини хоҳлаб, шам шуласи ёритган лаҳзаларни соғиниб қолардик.

Яқинда шунга ўхшаш бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Болаликда бирга ўсган дўстим Сафарнинг тўйи баҳонасида қишлоққа бордим. Кўпчилик дўстларимни мактаб давридан буён кўрмаган эканман. Бир неча йиллик учрашув кишига ўзгача завқ бағишлайди. Айниқса, талашиб-тортишиб ўсган ўртоқларнинг қадри бошқача бўлади-да.

Ҳовлининг томорқасида катта давра қилинди. Стол устидаги дастурхон турли ноз-неъматлар билан тўлдирилган. Ёр-ёр садолари остида келин-куёвни даврага таклиф қилишганидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай, ўйин-кулгу авжига чиқди. Давранинг бир томонида қизлар, иккинчи томонида йигитлар, ўртада маъноли қарашлар. Тўй қизигандан қизир, куёв жўралар даврани бермайди.

Шундан сўнг нима бўлди дейсизми? Бехосдан лип этиб ўчган чироқ барча хурсандчиликнинг нақд белига тепди. Қий-чув, шовқин бошланиб кетди. Билмаган киши ҳайвонот боғида маймунлар сақланадиган жойга келиб қолдимми деб ўйлаши аниқ.

Бошида хабарим йўқ эди, одатда, бундай вазиятларда дастурхон устидаги тарвуз, қовун пўчоқлари, узум доналари мўлжал олишга мослаштирилиб, қизлар томонга улоқтирилар экан. Билмасдан қоронғуда қизлар томонга ўтиб қолган эканман, юзимга келиб теккан шапалоқдек тарвуз пўчоғининг зарбасидан кўзим атрофни тиниқроқ кўра бошлади.

Чироқ ҳа деганда ёнмади, тўйга келганлар ҳам бунга қасдлашгандек уйига кетай демасди. Сўнг ёнида кичик бир тугунча билан куёвнинг тоғаси туман марказига йўл олиб, бир ярим соат деганда чироқни ёқтириб келди.

Чироқ ёнганидаги манзара энди умуман бошқача. Тартиб билан безатилган дастурхондан асар ҳам қолмаган. Келин-куёв олдига қуйилган торт куёшда эрий бошлаган қорбобони эслатарди. Фарқи бу қорбобонинг бурни сабзи билан эмас, қовун пўчоғи билан безатилган.

Кутилмаганда тўйни олиб бораётган давракаш менга сўз бериб қолди. Шоирлигим тутиб, маъноси унчалик яхши бўлмаса-да, қофияларини мослаштириб, “Уйингизда чироқ ўчса ҳам тўйингизда чироқ ўчмасин” деган шеъримни ўқиб бердим. Тинглаганлар қийқириб олқишлашди.

Кейин барча дўстларни ўйинга таклиф қилиб, ўйинни давом эттирдик. Билсам, бундай чироқ ўчиш ҳолати деярли ҳар куни такрорланар экан. Қишлоқда бирор киши тўй қилса, туман электр тармоғи корхонасига бориб, тўйдан тугунча бериб келса, чироқни ўчирмас экан. Қолган кунлари ёш болалар ҳар куни кечаси шам ёруғида қўли билан бўри, оқ қуш, ўрдак, эчки, от, сигир шаклини соясини акс эттириб, маза қилиб ўйнар экан.

Элбек ШОЙИМ

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar