Мақолалар

Яланғочланиш – миллат учун бомбадир!

Бу сўзларни айтган олимнинг Ислом динига ҳеч бир алоқаси йўқ. У совет фазогирларини космосга учиришга тайёрлашда руҳшунос шифокор сифатида қатнашган академик Леонид Александрович Китаев-Смикдир. Леонид оға бошда доришунос шифокор сифатида иш бошлаган бўлса, ҳозирда машҳур тиббиёт таҳлилчиси ва  бу борадаги кенг тажрибалари билан танилган. Олимнинг “зўриқиш (стресс) писхологияси” мавзусидаги тўққиз юз бетли монографияси, айниқса шу китобнинг аёллар яланғочланишининг эркаклар зўриқишига сабаб бўлаётгани ҳақидаги боби исломий интернет сайтларда катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

Балки бу мавзуда диний ходимлардан бирортаси сўз юритгудай бўлса, диндан узоқлашиб кетган айримлар “Оббо, гап яна аёлларга рўмол ўратиш ҳақидами?” деб истеҳзо қилган бўлишарди. Аммо аниқ фанлар бўйича танилган дунёвий ғояли академикнинг замонавий аёлларнинг кийим модасидаги яланғочланишнинг хатарли оқибатлари ҳақида чиқарган даҳшатли хулосаси ҳар қандай кишини бир сескантириши турган гап.

Академик Китаев-Смик ўзининг бу мавзуга қандай қизиқиб қолгани ҳақида Россия сайтларидан биридаги суҳбатида шундай дейди: “Бир куни шифохонага тушиб қолдим ва ўша ерда бу илмий ғоя миямга келиб қолди. Сўнг бу мавзуни тадқиқ қила бошладим ва шу тариқа “Жинсий зўриқиш”нинг онкологик касалликлари” борасидаги тадқиқот юзага келди. Китобим асосан зўриқиш (стресс)нинг турли жиҳатларига бағишланган бўлса-да, эркаклар ва аёлларда юзага келадиган онкологик касалликларни келтириб чиқарувчи сабабларни ҳам жиддий ўрганиб чиқдим… Сўнгги ўн йилликда аденома (саратон шиши) ва простатит саратони вабо янглиғ маданиятли Оврупа ва Америка мамлакатларидаги эркакларни нобуд қиляпти. Ҳозирги аср бошига келиб эркакларнинг 40 фоизида аденома учрайдиган бўлди, қирқ ёшдан ўтганларда эса бу рақам 50 фоизга етади. АҚШда паталогоанатомлар олтмиш ёшдан ўтиб вафот этган кишиларнинг 80 фоизида простатит саратони касаллигини аниқлашган. Бошқача айтганда, уларнинг аксарияти бу касалликнинг фожиали оқибатлари аён бўлгунича дунёдан кетиб бўлган. Шуниси ҳайратланарлики, мусулмон мамлакатларда эркаклар ўртасида саратон касаллиги бунчалик катта миқёсда ўсмаётир”.

Академик шифокор шундай хулосага келадики, “истеъмол жамияти” ҳукмронлик қилаётган мамлакатларда кейинги ўнйилликларда аёлларнинг зийнатини, илмий тил билан айтганда аёлларнинг иккиламчи жинсий нишоналарини очиб, намойиш қилиб   турувчи кийимларнинг урфга кириши ана шу кулфатларнинг асосий сабабчисидир. Кундалик ҳаётда аёлларнинг қорин ва елкаларини, киндикларини ва ҳатто улардан пастроқ жойларини очиб юришлари шилқимона ёйилиб бораётган урфга айланмоқда. Худди шу каби тор жинси шимлар ва кўкракларнинг ҳар қачонгидан катта очишлар ҳам эркакларнинг “кўзини ўйнатмоқда”.

Академикнинг янги китобида яна шундай сатрлар бор: “Мен физиолог шифокор сифатида айтаманки, ана шу жинсий ишораларнинг ҳаммаси эркакларда шаҳват ва суқланишни уйғотади. Шаҳарлик эркак кунига ана шундай “ишоралар”дан 100-200 тасига рўпара бўлади ва унда қўзғаган шаҳват ташқарига чиқмай, амалга ошмай қолади ва онг остига суриб чиқарилади. Эркакнинг ўзи бу жараённи сезмаслиги мумкин, аммо танасидаги қон андрогенларни сўриб улгуради. Бироқ айнан мана шу ерда ушбу жараённинг энг хатарли босқичи содир бўлади: яъни андрогенлар қонга саратон хавфини келтириб чиқармайдиган катта миқдорда эмас, саратон касаллигини юзага келтирадиган ўртача ўлчовларда ташлаб берилади. Натижада тез-тез қўзғалган, аммо қониқиш олмаган эркак ўз организми ичида зўриқишнинг шунақанги вайрон қилувчи ҳужумига  учрайдики, бу албатта ҳеч шубҳасиз саратон касалига олиб боради”.

Машҳур шифокор аёллар модасидаги зийнатларни кўз-кўз қилишнинг эркакларда жинсий шаҳватни қўзғашини “жинсий зўриқиш” келтириб чиқарувчи омил сифатида баҳолайди. Бунинг оқибатида организм ичида мураккаб “жинсий қўзғалиш” жараёни ишга тушади, бу эса жинсий заифлик ва саратон касаллиги билан якун топади. Худди шу ўринда шундай савол туғилади: нима учун Ғарбдаги бадавлат ва ривожланган халқлар тобора қирилиб, камайиб боряпти? Биз сўз юритаётган муаммо ҳам ана шу ҳалокатли жараённинг асл сабабларидан биридир.

Олим шундай хулосага келгач, бу нарсани бутун оммага етказиб, одамларни жиддий огоҳлантиришга қарор қилди. Унинг қатъий фикрига кўра, аёлни яланғочлашга асосланган мода Оврупа халқларининг тамоман қирилиб, ер юзидан йўқ бўлиб кетишига олиб боради. Уларнинг заминимиздаги ўрнини иффатини ва аёлларининг ўранишини сақлаган ва шу тариқа эркакларини ҳам асрайдиган халқлар эгаллайди. Булар биринчи навбатда мусулмон халқлардир.

Академик-шифокор замондошларига шундай хитоб қилади: “Ахир тушунинглар, қадимги юнонлар ва римликларни чулғаб олган яланғоч баданга топиниш балоси уларнинг батамом қирилиб кетишларига сабаб бўлмадими? Ҳозир улар қани? Ер юзидан батамом йўқ бўлиб кетишган. Улар ҳарбий ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлишмади, балки ичларидан бузилиб ўзларини жисман йўқ қилишди. Инжил ва Қуръонда зикр қилинган Содом ва Ғоморра шаҳарларининг аҳолисининг қирилиб кетгани бунинг кўпгина далилларидан биридир. Улар ҳозирги Оврупа аҳолисига ўхшаб табиат қонунларини бузган, унинг табиий механизмларини яксон қилган ҳолда ўз-ўзини ҳалок қилиш йўлидан боришган эди (Дарвоқе, “содомчилик”, бесоқолбозлик кийинишдаги яланғочлик сабабчи бўлган ҳиссиёт-сезувчанлик устунлигининг охирги даражадаги ифодасидир. Ҳозир Оврупа бошдан кечираётган жинсий ахлоқсизликлар ана шу жараённинг аччиқ “мева”ларидир)”.

Академик Китаев-Смик бу ҳаёсизлик, расвогарчиликларга қарши ўтмиш аждодларнинг анъанавий қадриятларини қарши қўяди ва биринчи навбатда мусулмон халқлар, шу жумладан ҳозирги славян халқларнинг аждодлари иффат ва ҳаё билан кийинишганини мисол қилиб келтиради. У айтадики, Россиядаги барча халқларнинг XIX асрдаги кийинишига бир назар солинг: аёллар кийими бутун баданни ўраб турадиган, тана аъзоларини бўрттирмай кўрсатадиган кенг, этаклари узун, томоғигача тугмаланган кўйлак ва сарафанлардан иборат бўлган. Бу кийимлар ниҳоятда ранг-баранг, гулдор, байрамона бўлгани учун аёлларни гўзал, жозибали қилиб кўрсатган, аммо эркакларда асло шаҳват уйғотмаган. Рус аёлларида рўмолини тасодифан бошдан тушириб юбориб, сочларини очиш қаттиқ айб, катта аҳмоқлик саналган ва бу хатони тезда ўнглаш керак бўлган.

Олим яна шундай таъкидлайди: “Бугунги аёллар эса яланғоч оёқлари ва кўксиларини “кўз-кўз қилиш”лари билан эркаклар соғлигига қабр қазишяпти. Йигити билан учрашувга шошаётган ярим яланғоч нозанин бир эркакни бахтли қилса-да, йўлда ўнлаб эркакларни майиб-мажруҳ, жинсий заиф қилиб боряпти. Яланғоч ҳолда томоша кўрсатадиган, қўшиқ куйлаётган, фильмларда суратга тушаётган аёллар эса “қатли ом қуроли”га айланади ва булар Ғарб ҳазорасини (цивилизациясини) майиб ва хаста эркаклар жамиятига айлантириб бўлди”.

Бизлар нима қилишимиз керак? Ғарбнинг яланғочланишига томошабин бўлиб ёки унга тақлидан ўзимизни бу балога уришимиз керакми ёки динимиз таълимотларига биноан иффат билан кийинишга ўтайликми? Аёлларимизни ўтмишдаги урфдан қолган кийимларга қайтишга мажбурлаш ниятимиз йўқ. Фақат улар кийимнинг баданни ўраб туриш хизматигина борлигини эсдан чиқармай, кийим гўзалликка ва саломатликкагина мўлжалланганини эътиборга олиб кийинишса бўлди. Эркакларнинг ҳар жиҳатдан соғлиги аёлларнинг кийинишига ҳам боғлиқ экан, аёлларимиз эрларини, ака-укаларини, оталарини муҳофаза қилиш ҳақида ҳам озгина фикр юритишса, Ғарбга тақлидан жамиятда шиддат билан бошланиб кетган “яланғочланиш пойгаси”ни тўхтатиб қолиш мумкин бўларди. “Талаб таклифни келтириб чиқаради” деганларидай, агар аёлларимиз ҳаё билан, иффатли кийинишга ўтишса, бутун дунёни кийинтираётган Хитой, Туркия каби мамлакатларнинг чеварлари Ғарб модасидаги беўхшов кўйлаклар ўрнига аёлларимизнинг диди ва ахлоқига мос кийимларни ёғдириб ташлаган бўлишарди.

 Аҳмад МУҲАММАД

Манба: azon.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar