Ҳажвиялар

Эҳ, бу тадбиркорлар…

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Ҳозирги кунда дунёда тадбиркорлик роса қанот ёйди-да. Бизда ҳам албатта. Қаёққа қараманг дўкон, бозор, мини-ю супермаркетлар.

Хизмат турининг адоғи йўқ. Пул бўлса бас. Бизнинг супермаркетларда олган молингизни дарров айтган пайтингизда айтган жойга етказиб беришади. Дейлик, мева-чева, сабзавот-полиз, еяр-ичар кўп оғир ноз-неъматларни сотиб олдингиз. Буларни уйга обориш, кўтариб чиқиш ҳазил гапми. Жонинг оғзингга келади-ю. Аммо харидинг орқангдан ўзи боради. Кеккайиб сотиб олиб, пулини отиб юбориб, яна кеккайиб чиқиб кетишга нима етсин!

Уй жонивор ҳам тўртинчи қаватда, бунинг устига лифт йўқ. Юз килодан кўпроқ молни босиб олганман. Буям майли, бечора обориб бергичларга ҳам ичим ачийди. Арзимаган чой-чақа учун шунча йўл босиб келиши, тепага кўтарилиши керак. Бўпти, кетса бойдан кетибди-да деганларидек, келишса, рози қиларман деб ҳам қўйдим.

Уйда кутяпман. Соат учга етказилсин деган молдан саккиз, тўққиз, ўн бўлдиям хабар йўқ-да.

Супермаркетга қўнғироқ қилдим:

— Хайрли кеч! Безовта қилганим учун узр. Бугун дўконингиздан анча-мунча нарсалар харид қилган эдим. Аммо… улардан ҳалиям дарак йўқ. Вақт кечги ўн-а!..

У ёқдан эркак кишининг ёқимтой овози келди:

— Хайрли кеч! Хоним жаноблари бир қошиқ қонимиздан кечади. Меники… ана шу супермаркетнинг хўжайини бўлади. Исмим Эйтан. Галварслар наҳотки молингизни етказишмаган бўлса. Мен ҳозироқ ярамас гастарбайтерларнинг терисини шиламан. Кетига тепаман.

Бироздан сўнг яна қўнғироқ:

— Ярим соат ўтмай моллари уйларида бўлади!

— Яна ярим соатми? Ўзи ярим кеча бўляпти-ю…

— Кечиринг хоним… Мен у ярамасларнинг думини!.. Машинаси бузилиб қолганмиш. Меники, яп-янги машина бериб қўйган!

Ўтирибман, кутяпман. Кечки овқат ҳам ўзига яраша бўлди. Ўргилдим сендақа тадбиркорлардан деб қизиб ўтирибман. Эртага бориб ҳамманга кўрсатиб қўймасамми!

Телефоним жиринглади, олдим:

— Эй, хонимча, уйинг қаёнда, бизала тополмаёпла…

Тушунарли, қўшни мамлакатларнинг биридан келган дастёрча шекилли.

Уйнинг қаердалигини қайта ва қайта тушунтиришга тўғри келди.

— Тирошмас, Таршиш кўчаси. Сизларга ёзиб берилган.

— Эйй, сила шунайчикин дейсила-да, манамунайчикин ёзиб қўясила…

Йигирма дақиқадан сўнг эшик қўнғироғи ниҳоят жиринглади. Асабдан кўз олдим қоронғилашиб кетган, чой-чақа бериш тугул, шапалоқ тортиб юборгим кеп турганди. Олган нарсаларимнинг аҳволига қарасам — ҳамма ёқ дабдала. Пластмасса яшикчаларга тартиб билан жойлаштирган нарсаларимнинг ҳаммасини битта қопга жойлаб олишибди. Кун давомида нима қилишган, қаёқларда сандироқлаб юришган, Худо билади. Бу жазирамада музлатилган балиқ эриб шалпайиб қолибди, халтага ёпишган, анқиб ётибди. Жиққа ҳўл, ивиган маҳсулотларни улар полга ағдаришсами…

Даҳшатли аҳволга келган балиқ, йогурт ва сузмани дарҳол уларга қайтариб бердим:

— Мана буларни хўжайинларингга обориб беринглар!

— Хонимча хапа бўлмасун, бизники дарровга алмаштирганга кетади!.. Йигирма дақиқа.

— Агар йигирма дақиқада келмасанглар, тамом, эшикни очмайман. Ухлашим керак, эрта тонгда ишга кетишим бор.

Тўғриси, бу бечора мусофирларга ярим соатдан сўнг келганларида эшикни очмоқчимасдим. Аммо мен ҳам онаман. Булар ҳам кимларнингдир жигаргўшалари. Раҳмим келди, эшикни очиб алмаштириб келган маҳсулотларини олдим. Худди ярим кеча бирларда ухлагани ётдим-ов.

Эрталаб тўғри шу супермаркетга жаҳл отидан тушмай кириб бордим. Эйтан дегани ҳам ўғлим қатори ёш йигитча экан. У ҳам қаёқлардандир келиб қолган тадбиркорга ўхшайди. Ўзи қирриқ, бўйи новча, қулоғига исирға ҳам тақиб олибди.

Кечаги аҳволни тишимни-тишимга қуйиб тушунтиряпман. Хаёл қулоқчаккасига қуйиб юбор дейди. Яна нима қилай, онаман, кўзим қиймай турибди…

У эса, бепарво ноз билан ўзининг чет элча лаҳжасида:

— Жаноби олиялари, марҳамат қилиб кутиб турсин! — деди-да, ичкарига кириб кетди.

Кутиб турибман. Аччиқланиб. Гапини қаранг, масхара қиляптими!?.

У бир неча дақиқадан сўнг ўнг қўлида гулдаста, чап қўлида шаҳримиз аёллари кўрса, шошиб қоладиган ноёб ичимлик солинган идишни тутиб келарди.

— Дунёнинг энг чиройли аёли бизни кечирсин, бизники бошқа бундақа қилмайди.

Ва шундай болаларча маъсум бир табассум билан менга нигоҳ ташладики ўзининг боласи ҳам чет элларда ўқиб юрган онанинг юраги эриб кетди…

— Бу сенга, дам олиш кунингда биз тадбиркорларни дуо қил.

Тавба, ҳозиргина шапалоқ тортмоқчи, кўрган зарар ва азобларимни ўн баравар қилиб ундириб олмоқчи бўлиб тургандим. Бунинг ўрнига айбдорона жилмайиб турган йигитга яйраб қараб турар ва уни ўғлимдек бағримга босгим келарди.

Татьяна РАЗУМОВСКАЯ, Исроил

Рус тилидан Маҳмуд БЎРОН  таржимаси.

Манба: od-press.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar