Шеърлар

Йўқдир муҳаббатдан буюкроқ қудрат

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Нигоҳлари йўллар бир сирли пайғом,
Тилининг учидан томар асали.
Бу кўзлар дийдорга тўймаган тамом,
Бу лаблар бўса не – туймаган ҳали.

Бир маъсума умид мўлтирар мубҳам,
Биллур каби зилол нигоҳларида.
Тонгги шабнам мисол кулса, куйса ҳам,
Ёш силқиб туради қароқларида.

Тун ёришиб кетар жилмайса, аммо
Эрий бошлар ҳатто абадий музлар.
Унинг тирноғича эмасдур зебо
Дунёдаги барча чиройли қизлар.
У ўз ҳусни билан мақтанмас фақат,
Бор унда на кибор, на такаббурлик.
У Худо яратган энг гўзал хилқат,
Асл баҳосини топмаган ҳурлик!

Муҳаббатдан кучли ҳис йўқ, инчунун,
Йўқдир муҳаббатдан буюкроқ қудрат.
У шундай нафиски, севмоғим учун
Камлик қилар ҳатто ўша муҳаббат.

Зоҳиджон ОЛОВ

«Ёшлик» журналидан олинди.



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment