Ҳажвиялар

Опангни сўраб қўй…

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Муҳиддин қизиқ тўйга кетаётган экан, машинаси бузилиб қолибди. У ёқ-бу ёқни кўрибди, тузатолмабди. Шу пайт бир йигит машинасида тўхтаб қолибди:

— Ҳа, Муҳиддин ака, бузилиб қолдими? — сўрабди йигит.

— Ҳа, юрмаяпти, бир кўр-чи, — дебди қизиқ.

— Ҳе, тузатиш қўлимдан келмайди, — жавоб берибди йигит. — Менам дадамникини миниб юрибман.

— Тўйга боришим керак эди, нима қиламиз унда?

— Бу ёғини келишсак, обориб қўяман!

— Ҳисобли дўст айрилмас, дейдилар, бу ёғи қанча бўлади?

— Қаерга борасиз?

— Тоғлиққа.

— Тоғлиққа уч километр бор, уч юз бераверасиз.

Йўлкиранинг нархини эшитиб, Муҳиддин аканинг энсаси қотибди:

— Километрига юз сўмдан оласанми? Сал инсоф қилгин!

— Сизам тирикчиликка кетяпсиз, бизам тирикчилик деб юрибмиз! — дебди йигит иршайиб.

Ноилож Қизиқ машинага ўтирибди. Аммо сал ўтмай, уларни назоратчи тўхтатибди. Йигит Муҳиддин акага шивирлабди:

— Э, ака, ёрдам қилмасангиз бўлмайди, машинанинг ҳужжатлари чатоқ… Сизни поччам дейман, қутулиб кетамиз.

Назоратчилар Муҳиддин акани таниб, ундан ҳол-аҳвол сўрабди.

— Поччамни тўйга олиб кетяпман… Катта опамни берганмиз… — дебди йигит шошиб-пишиб.

Назоратчилар ҳужжат ҳам сўрамай уларга рухсат берибди. Тўйхонага етишибди. Муҳиддин ака хизматга кириб кетибди. Йигит кутиб ўтириб-ўтириб, зерикибди. Тўйхонага кириб бориб, Муҳиддин аканинг қулоғига шивирлабди:

— Ака, йўлкирани бермади­нгиз?

— Йўлда келаётиб, назоратчиларнинг олдида мен сенга ким бўлдим? — сўрабди Муҳиддин ака.

— Почча бўлдингиз.

— Сен менга ким бўлдинг?

— Қайнука.

— Ҳа, ўлма! — дебди қизиқ кулимсираб. — Шундай бўлгач, қайн­ука деганлари поччасидан ҳам пул сўрайдими? Бўпти, қуруқ бўлмасин, сен кетавер, ҳали кечқурун опангдан пулни бериб юбораман!

Саид АНВАР

od-press.uz

Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Жавоб юбориш

Be the First to Comment!

Notify of
avatar