Шеърлар

Иккинчи бор севиб бўлмайди

Муаллиф Abduvali Qurbanov

Севолмадим сизни, сизда гуноҳ йўқ,

Қашшоқ сўзлар ожиз таърифингизга.

Кўзга илганингиз учун минг қуллуқ,

Кошки арзир бўлсам ташрифингизга.

 

Кўз очар хижолат йўқлаб келсангиз,

Ҳижронга аталган  қўноқдир  хонам.

Узр, сизни менмас,  агар билсангиз,

Минг чандон зиёдроқ севади онам.

 

Илтифот қилмадим, кўнглимдан ўтиб,

Тилимни тушовлаб олган  хотира.

Сиз мени кечиринг, бўлмас унутиб,

Ёшликни, гарчи у кетган ётсираб.

 

Вафога ишониб панд еган қисмат,

Ўйлайсиз, бевадек очиқдир йўлим,

Армонлар юпанчга қилса ҳам  хизмат,

Надомат ёқасин бўшатмас қўлим.

 

Севги қалбимдаги бузилмас  қасам,

Муҳаббат туғилар, асло ўлмайди.

Хафа бўлманг сизни дўст деб атасам,

Ахир, иккинчи бор  севиб бўлмайди.

 

Хуршид НУРУЛЛАЕВ



Муаллиф ҳақида

Abduvali Qurbanov

Leave a Comment