Бош саҳифа / Мақолалар / Қизларга ибрат бўлиш ўрнига, жамиятга иллат бўлаётган маънавиятсиз оналарнинг ҳурмача қилиқлари

Қизларга ибрат бўлиш ўрнига, жамиятга иллат бўлаётган маънавиятсиз оналарнинг ҳурмача қилиқлари

Орзу-ҳавасли халқмиз. Бир-биримизга “Топганингиз тўйларга буюрсин”, “Бошингиз тўйдан чиқмасин”, дея тилаклар билдирамиз. Бироқ баъзан “меъёр”, “олтин ўрталик”, деган гапларни унутиб қўямиз. Мол-дунё топганимизда ўзимизни тўхтатолмай, босар-тусаримизни билмай қолишимиз ёмон. Айниқса, биз аёллар…

Яқинда қизларга ибрат бўлиш ўрнига, жамиятга иллат бўлаётган маънавиятсиз оналарнинг ҳурмача қилиқларини эшитиб ёқа ушладим. Бир умр раҳбар лавозимларда ишласа-да, бошига оддийликдан тож кийиб эл ардоғида юрган опамиз бир воқеани айтиб берди:

– Масъул бир идорада ишлайдиган аёл олдимга келиб, қизининг тўйига таклиф қилиб кетди. Тўй куни бирров кириб, табриклаб келиш мақсадида тўйхонага бордим. Мени тўйга чақирган аёл кутиб олиб, столга таклиф қилди. Дастурхонда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор. Бу ёқда одамларнинг ғала-ғовури, бу ёқда баланд мусиқа қулоқни қоматга келтиради. Мезбоннинг ҳурмати шовқин-суронга бирон соатлар “чидаб”, кетишга чоғландим ва хайр-маъзур қилиб кетиш учун нигоҳим билан мезбонни изладим.

Ёнимдагиларга “Фалончихон кўринмай қолдими?” дегандим, улар   даврада чаппар уриб ўйнаётган ялтироқ кўйлакли аёлни кўрсатишди. Мен бунга ишонмадим. Негаки, ўйнаётган аёлнинг баданига ёпишган тор кўйлагининг орқаси елкадан белгача думалоқ қилиб ўйилган эди. “Йўқ, айланайлар, у киши эмас-ей, Фалончихон мени яшил либосда кутиб олган эдилар, – дедим. Даврадагилар кулишиб, Фалончихон бу орада уч марта либосини алмаштирганини айтишди. Мен “Қўйсанглар-чи, куёвга чиқаётган фалончихоннинг қизи-ку, нимага у кўйлагини алмаштиради?” деб талмовсирадим ва юзимга фотиҳа тортиб, ўрнимдан турдим. Даврага яқинлашиб, бундай разм солиб қарасам, ҳақиқатан ҳам, антиқа либосдаги Фалончихоннинг ўзи экан. Тўйга келганимга пушаймон бўлиб, хайр-маъзурни ҳам насия қилиб чиқиб кетдим.

Опанинг бу ҳикоясидан биров ҳайратланди, яна биров бу янгилик эмас-ку, дегандай қараб қўйди. Сийрату сийратда ҳаммамизга ўрнак ижодкор устозимиз ҳам худди шунга ўхшаш бир воқеани эсга олди:

– Бир куни телефон жиринглаб, ўн йиллар илгари ёзган мақоламнинг қаҳрамони ўзини таништириб, қизини турмушга узатаётганини айтди ва тўйга таклиф қилди. Ижодкорлар учун қаҳрамонлари юракка яқин бўлиб қолади. Тўй куни келгач, бориб табриклаб келай, деб тўйхонага бордим. Мени бир-иккита “Там-тамхон”лар тавозе билан кутиб олишиб, дастурхон атрофига ўтқазишди. Табриклаб, совғамни берай, десам мени тўйга таклиф қилган аёл кўринмасди. Нигоҳим билан уни узоқ изладим, бироқ тополмадим. Охири ёнимдаги аёллардан астагина “Фалончихон  кўринмайди-я”, дедим. Аёллар ҳайрон бўлишиб, “Сизни кутиб олиб, шу ерга ўтқазиб кетган Фалончихон-ку”, дейишди. Мен хижолатпазлик билан, “Танимабман-а, илтимос, айтиб юборинглар, совғамни берай”, дедим.

Хуллас, қаҳрамонимни топиб келишди. Қаршимда мен билан истараси иссиқ, муниса қаҳрамоним эмас, сочи пахмоқ, юзи ортиқча пардоз-андоздан “ужас”га айланган, ярим очиқ либосдаги “ажнабий хоним” турарди. Мен унинг ҳурпайган сочларига қараб, зўрғагина “Сиз ўшами?” дея олдим. “Ҳа, мен ўша Фалончихонман”, деди қаҳрамоним қиқирлаб. “Мен сизни танимаяпман, сиз мени танияпсизми?” дедим ҳайратимни яширмай.  “Вой, опажон, сизни нега танимас эканман?” деди у тилларини буриб. Назаримда унинг тили ҳам, гапириш услуби ҳам “грим”ланган эди.  Шу тахлит карахт ҳолда тўйхонани тарк этдим, дея ҳикоясига якун ясади устозимиз.

Бир қараганда, кулгили ҳолат. Бироқ иймони басаломат инсон бу гаплардан чуқур таассуфга тушиши табиий. Қандай гап бўлдики, тўйларда келин бу ёқда қолиб, оналар ўзларини кўз-кўз қилаётган бўлсалар. Бу шармисорликдан мақсад нима? Никоҳ тўйи модалар симпозиуми бўлсаки, либосига қараб оналарга балл берилса… Ёки куёвтўра қайнонам тўйда кўйлагини алмаштирмадиям, юзидаги грими ҳам айтгандай чиқмапти, деб ўксиб қолармикин.

Ўйлаб қоламан. Бундай оналар куёвнинг қариндош-уруғларида қандай таассурот қолдиришаётган экан? Улар бу хатти-ҳаракатлари билан ўзларининг маънавий қашшоқликларини, умрида қўлига китоб ушламаганликларини ошкор қилиб қўйишмаяптими? Ахир қайси ўқимишли, маънавиятли она дилбанди катта ҳаётга қадам қўяётган масъулиятли онларда мана шундай калтабинлик билан иш тутади? Муқаддас китобларимизда она қизига яхши одоб-ахлоқдан дарс бермоғи, уни ўткинчи ҳою-ҳавасларга одатлантирмаслиги айтилган-ку. Зебу зийнат ортидан қувган инсон умрини зое қилиши ҳаммага маълум ҳақиқат-ку.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Мукаммал саодат йўли” китобида “Инсоннинг кийиниши унинг ички маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир. Қайси инсонда ҳаё, уят, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўзининг обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган бўлиб кийинади”, деган қимматли фикрни келтирган.

Сиз бунга нима дейсиз, азиз биродар?!

Салима Холдорова,
Навоий кон-металлургия комбинати Матбуот маркази мутахассиси

Манба: hilol.uz