18 ёшида ҳар ким уддалаши лозим бўлган ишлар

18Ҳозирги замонда ўз ишидан ортмайдиган ота-оналар кўп учрайди. Бунинг оқибатида қўлидан ҳеч нарса келмайдиган авлод вояга етмоқда. Жули Лискотт-Хэймснинг (Julie Lythcott-Haims) “Қандай вояга етказиш керак” китоби шу мавзуга бағишланган. Китобнинг “қаймоғи”ни олиб сизларга тақдим этамиз. Хўш, 18 ёшли ўсмир нималарни эплай олиши керак? 

Бегоналар билан сўзлаша олиш

Фарзандларининг бехавотирлигини таъминлаш учун жимитдеклигиданоқ ота-онаси бегоналар билан гаплашмасликни уқтиради. Бу чекловлар натижасида соқоли чиққан кап-катта йигитча эплаб бировдан манзилни сўролмайдиган, кафеда буюртма беролмайдиган, шифокор қабулида сўзлари қовушмайдиган нотавонга айланади.

Ечим нимада? Одамлардан болани иҳоталаш ўрнига нотаниш кишилар билан мулоқотга киришувини рағбатлантириш лозим. Токи яхшилардан хушхулқликни “юқтирсин”,  ёмондан эса эҳтиёт бўлишга ўргансин.

Йўлда адашиб қолмаслик

Фақат маълум ёшгача болани қўлидан етаклаб юриш мумкин. бунга вақтида чек қўйилмаса бола дастурлаштирилган роботга айланади. “Робот”жон олдиндан белгиланган ва ота-онаси тасдиқлаган йўналиш бўйича бориб-келади.

Ечим нимада? Мустақил ҳаракатланишда. Фақат шундагина жамоат транспортининг турли йўналишларида адашиб қолмайди, манзилини топиб бора олади ҳамда адашиб қолишдан сира чўчимайди.

Ўз юмушлари, режа ва вақтини бошқариш

“Ота-оналар ҳамиша уй вазифасини бажариш, машғулотга бориш ва уйқуга ётишга кўмаклашиш учун яратилган”, деб ўйлайди баъзи болалар. Бунинг учун асос етарли.

Ечим нимада? Эртами-кечми ўсмир ўз ғамини ўзи ейиши керак бўлади. Боланинг зиммасига муайян вазифа юклаш, бажариш учун муҳлат бериш, адо этилишини назоратга олиш керак.

Уй юмушларини бажариш

Уй тозалаш каби зерикарли ишларга аксар болаларнинг хоҳиши йўқ бўлади. Устига-устак ота-она “болам ёшлигида ўйнаб олсин”, дейди. Натижада бола ҳеч ишга бўйни ёр бермайдиган танбал бўлиб ўсади.

Ечим нимада? Секин-асталик билан уй юмушларини болага топшириб борилади. Шунда уй тозалашдан тортиб таом тайёрлашгача бўлган рўзғор ишларига қўли келишади.

Бошқалар билан келишмовчиликларни ҳал этиш

Агар катталар боланинг ўртоқлари билан ўзаро муносабатига ҳадеб аралашаверса, бола келажакда одамлар билан можароларини, ташвиш ва зиддиятларни мустақил ҳал этолмайди.
Ечим нимада? Мактаб-боғчасидаги машмашани ҳал қилишга ёки уни хафа қилганнинг таъзирини беришга шошмаслик лозим. Аввал ўзи ҳал қилишига қўйиб беринг. Зарур вазиятдагина аралашиш мумкин.

Қийинчиликларни енгиб ўтиш

Ҳаёт текис ва равон йўл эмас, ўнқир-чўнқирликлардан иборатдир. Гоҳо тик тепаликка ўрлайди, гоҳо қияликка шўнғийди. Ҳар бир ўсмир шиддатли рақобатга, кучли зарбаларга ва туйғулардан бебаҳра бошлиқ билан ишлашга тайёр туриши даркор.

Ечим нимада? Бола қийинчиликка учраса дарҳол кўмакка ошиқманг. Ўта қийин ҳолга тушса ҳам аралашманг. Тамоман иложи қолмагандагина аралашишингиз мумкин.

Пул ишлаш ва уни сарфлаш

Истаймизми-йўқми, розимизми-қаршимизми, пул ҳаётимизда қон каби асосий вазифани ўтайди. Улғаяётган фарзандимизга шу ҳақиқатни ўз вақтида сингдира олсак – марра бизники. Болага ёшлигиданоқ ҳар бир нарса-буюмнинг аҳамиятигина эмас, баҳоси ҳам мавжудлигини ўргатиш, нарсаларни пулга сотиб олиш мумкинлигини тушунтириш лозим.

Ечим нимада? Молиявий масалалар ва пул сарфлашни ўзининг зиммасига юклаш, бир ҳафта ё бир ой учун унга маълум миқдорда маблағни қатъий ажратиш керак. Ўспирин пулни ақл билан сарфлаш, жамғариш ва унга боғлиқ бошқа оддий ҳақиқатларни тушуниб етади.

Қарор қабул қилиш

Агар ота-она чизган чизиғидан чиқмайдиган итоаткор фарзандни истаса, ўзи чўпон, қўзичоқ-бола эса улғайгач қўйга айланади. Ҳа, бундай болани бошқариш осон, аммо қўй бир ўзи қолса ночордир, шу сабабли ҳамиша поданинг ўртасига интилади. Сиз фарзандингиздан шуни кутяпсизми?

Ечим нимада? Болани мустақил қарор қабул қилишга ўргатинг. Кийимини, таомини, дўстларни, мусиқани ва бошқа кўплаб эҳтиёжларини ўзи танласин, бу унинг шахсини шакллантиришда кўмаклашади. Майда-чуйдадан бошлаб ўсмир жиддий масалаларни ҳал этишда мустақиллашиб боради.

Фикр.уз сайтидан олинди.

Мақола 2 984 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*